Шоир Баҳром Рўзимуҳаммад хонанда Юлдуз Усмонованинг шоирлар борасида билдирган фикрларига муносабат билдирди. Мақола Фейсбукда эълон қилинган.
Куни кеча телевизорда "Даракчи”ни реклама қилганларида "Пенсиялар миқдори янги мезон асосида тайинланади” сарлавҳасини илкис эшитиб қолдим. Насиб этса, келаси январда пенсияга чиқишим мумкин — ғамхўрликдан воқиф бўлиш мақсадида "Даракчи”ни харид қилдим.
Саҳифаларни варақлаётиб, баногоҳ "Юлдуз Усмонова: "Мен учун ҳар бир куним сабоқ” отлиғ суҳбат матнига кўзим тушди. Юлдузхоним омма ва хос доираларда машҳур хонанда. Бинобарин, гапларини астойдил ўқишга киришдим. "Бугун негадир шоирларимизда фикрлаш доираси тор ва саёз бўлиб боряпти. Бу жараён мен учун жуда қийинчилик туғдиради. Бунинг сабабини излаб охирига етганим йўқ. Ўзимча, "Шоир халқига "бомба” тушганми” деб қўяман. Ўзлари билан бу мавзуда гаплашиб қолсам, "Илҳом келмаяпти” дея чегараланишади.”
Анча вақтлардан бери шу хусусда ўйлаб юрганим учун айрим фикр-мулоҳазаларни билдиришни лозим топдим. Фақир ўсмирлик даврларимдан бери Алла Пугачева, Анна Герман каби хонандалар қўшиқларини тинглаб келаман. Уларнинг ашулаларини эшитиб ҳеч қачон зериккан эмасман. Чунки, бу хонандалар асосан профессионал шоирлар шеърларини қўшиқ қилиб куйлаганлар. Масалан, Алла куйлаган "Миллион атиргул” қўшиғи матнини Андрей Вознесенский ёзган. Камина шу шеърни она тилимизга ўгирдим. Бир шоира кичик саҳнада куйлади. Бинойидай чиқди.
Сўнгги даврларда Селен Дион ашулаларига ишқибоз бўлдим. Унинг "Титаник” ашуласини рус, араб, туркман тилларидаги ижроларни тинглаб завқландим. Айниқса, туркманчада "Титаник” бошқача жаранглаган... Мазкур ашула матнини инглиз тилини биладиган ижодкор Бахтиёр Жўраев билан аслиятдан ўгирдик. "Жавоҳир” журналида нашр қилинди. Бир хонандага матнни бергандик, негадир куйламади. Юлдузхоним шу қўшиқни инглиз ва ўзбек тилларида куйласа бўларди-ку ахир?
Мен бир хусусиятга ҳайрон қоламан. Негадир замонавий хонандаларнинг аксарияти профессионал шоирларни танимайдилар, тан олмайдилар. Улар "шоир” деб юрганларни эса биз шоир демаймиз. Бу билан баъзи қаламкашларни камситмоқчи эмасман, аммо саёз шеърни саёзлигини айтмоқ керак. Саёз шеърларни "юлдуз”лар қўшиқ қилиб куйласалар қалбаки адабиётни тарғиб этган бўлиб чиқадилар. Билиб-билмай, албатта.
Буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзов қўшиқларининг муаллифларига қаранг: Алишер Навоий, Огаҳий, Махтумқули, Ниёзий... Қўшиқ мағзини чақиб роса роҳатланасиз. Айни кунимизда эстрада хонандалари куйлаётган ашулалардаги сўзларни тушуна олмай қийналамиз. Аҳмаджон оға талқин қилганидек: "Юракимга”ни "Юра Кимга” деб тушунамиз гоҳо.
Дейлик, Юлдуз Усмонова Ҳалима Аҳмедова, Зебо Мирзо, Гулбаҳор Саид Ғани, Ўктамой, Шоира Шамс каби кучли шоиралар шеърларини ашула қилса, шинаванда диди ўткирланишига улуш қўшган бўлур эди.
Қўшиқ — оддий нарса эмас. Қўшиқ эшитиб одам хасталиклардан халос бўлиши мумкин. Айрим инсонлар қўшиқ эшитиб, фанони тарк этишни истайдилар. Сўзимнинг исботи сифатида ўзимиз нашрга ҳозирлаган "Ўзбек элим Комилжондан айрилмас” китобидан мисол келтирмоқчиман: "Умри поёнига етаётганда одам болага айланиб қолар экан. Кимдир анор сувини, кимдир гул, кимдир мева-чева, кимдир қовун- тарвуз сўраб яқинларига эркалик қилади. Онам эса хасталик тўшагида ётаркан, Шарифа, Олмахоннинг қўшиқларини айттир, деди. Мен бунинг иложини топиб билмадим. "Бўлмаса "Онажон” деган қўшиғингни айт!”, деди. Йиғладим...” (Ўша китоб, 189- бет).
Бу гаплар Қўшиқнинг не эканлигини англатмоқда.
... Юлдуз Усмонова — жаҳон миқёсида танилган хонанда. Ер юзининг ўзбеклар яшайдиган барча бурчакларида уни танийдилар, қўшиқларини эшитадилар. Агарда у профессионал шоир ва шоиралар шеърларини куйлашни касб этса нафақат ўз овозини, балки ўзбек шеърияти овозасини оламга ёйган бўлур эди. "Бомба”дан эса Худо сақласин...
Баҳром Рўзимуҳаммад
Манба: azon.uz