2020 йилнинг 1 январидан Ўзбекистонда тўй ва маросимларни ўтказиш тартиби ўзгарди. Энди шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўйилмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий мажлиси сенати ахборот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, 1 январдан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади. Соат 23:00 дан кейин тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни давом этишига йўл қўйилмайди.
Ушбу маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади. Қўшалоқ тўйларда эса 250 киши, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 киши қатнашиши мумкин.
Тўй ва бошқа тадбирларда 2 нафардан ортиқ хонанда (гуруҳ) хизмат қилиши мумкин эмас.
Дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида чекланмаган миқдорда келим-кетим таъминланиши мумкин. Аммо ош бериш маросими бундан мустасно. Шунингдек, тўй ўтказувчи шахслар тўйдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши шарт.
Маърака ва маросимларда диний маърузаларни фақат қонуний рухсати бор домла ўқиши мумкин;
Бундан ташқари никоҳни қайд этиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ маросимларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинага рухсат этилмайди. Жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситалари ҳам шу жумладан.
Миллий анъаналар ва одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоулар, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, — "келин навкари", "чорлар", "ота кўрди", "сеп ёйди", "қуда чақирди", "куёв чақирди", "келин чақирди", "тоғора юбориш", "пул сочиш" каби маросимлардан ҳам воз кечилди.
Шу қаторда дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ "етти", "пайшанбалик", "йигирма", "қирқ", "йил оши", "пул тарқатиш", "мато улашиш" каби ортиқча тадбирлар ўтказилиши мумкин эмас.
Ушбу Низом талабларига риоя этишни ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Республика «Нуроний» жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи белгиланган тартибда назорат қилади.
|