Боланинг ота-онадаги хақларидан, ота-онанинг фарзанд олдидаги вазифаларидан бири оиланинг янги аъзосига маънодор чиройли исм қўйишдир. Чунки чиройли, маъноли исм киши сийратини янада гўзаллаштиради. Аксинча, маъноси ғализ ва хунук исмлар ҳеч кимга хуш келмайди. Болага қандай исмларни қўйиш ярамайди, бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати берилган саволлар ва уларнинг жавобларидан билиб олса бўлади.
Савол: Абдурасул исмининг маъноси нима?
Жавоб: Абдурасул исми Пайғамбарнинг бандаси деган маънони англатади. Бундай исмларни ўзгартирган маъқул.
Савол: Менинг исмим Шоҳруҳ. Кўпчилик диндор тақводор танишларим исмингни алиштир, деб маслаҳат беришаяпти. Исмим динимизга бироз тўғри келмас экан. Шундайми?
Жавоб: Имконингиз бўлса, алмаштирганингиз яхшидир.
Савол: Қизболага Санам деб исм кўйиш яхши эмас, деб эшитдим. Қизимнинг исми Гулсанамхон, бу исмнинг маъноси қандай ва бу исмни қизболага қўйиш жоизми?
Жавоб: Санам (صنم) дегани араб тилида бут деган маънони англатади. Шунинг учун ундай исм қўймаслик керак. Ҳар бир ота-она фарзандига исм қўйишда ўзига ёқиб қолган, қулоғига чиройли эшитилган исмни қўйиб юборавермай, у исмнинг маъносини илмли инсонлардан сўраб кейин қўйиши лозим бўлади. Шоҳсанам ёки Гулсанам каби исмларни қўйиш жоиз эмасдир. Валлоҳу аълам.
Савол: Ҳозирда 3-фарзандимга ҳомиладорман. Текширувга борганимда қиз фарзанд дейишди (янаям Аллоҳ билгувчидир). Худо хоҳласа исмини Сафина деб қўймоқчи эдик. Сафина Нуҳ (а. с.)нинг кемаларининг номи экан. Фарзандимизга шу исмни қўйсак бўладими?
Жавоб: Фарзандингизга яхши маънога далолат қиладиган исмларни қўйишингиз керак. Сиз саволда зикр қилган “Сафина” сўзи араб тилида “кема” деган маънони англатади. Фарзандга гўзал исм қўйиш ота-онанинг вазифаларидан биридир. Валлоҳу аълам.
Савол: Жиянимнинг исми Мафтунахон. Бу исмнинг маъносини яхши эмас деб эшитдим, шу тўғрими?
Жавоб: Араб тилида бу сўз икки хил кўринишда бўлиши мумкин. Мафтуна деган сўзининг араб тилидан таржима қилинган маъноси “Бирор нарсага қаттиқ берилган”, “тўғри йўлдан озган” ва “ақли ўғирланган”, “куйдирилган” каби маъноларни англатади. Шунинг учун бундай исмни қўймасликни маслаҳат берамиз. Валлоҳу аълам.
Савол: Муҳриддин исмининг маъноси хақида сўрамоқчи эдим. Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин.
Жавоб: Араб тилида “Муҳрун” деб тойчоққа айтилади. Бу исм урфимизда бор бўлса-да, лекин диндорлар ичида урф бўлган исмлардан ҳисобланмайди. Бу исмнинг маъносини бирор таъвил билан айтадиган бўлсак, “диннинг ёш ўғлони” ёки “Ёшлигидан диндор” деган маъноларни умид қилиш мумкин. Валлоҳу аълам.
Савол: Яқинда ўғилли бўлдик исмини Алазим қўймоқчимиз. Бу исм Яратганнинг исмларидан бири, бандаларга Абдулазим деб исм қўйилади дейишди. Катта ўғлимнинг исми Алазиз, унинг ҳам исмини ўзгартириш лозим, деб айтишди. Ушбу масалада тушунтириш берсангиз.
Жавоб: Ҳа, исм қўйишда Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари олдига “абду” сўзини қўйиб, исм қўйилади. Сиз Абдулазим деб исм қўйинг. Катта ўғлингизнинг Алазиз исмини эса Азиз деб ёки Абдулазиз деб ўзгартиринг. Исм қўйиш муҳим амал ҳисобланади. Шунинг учун инсон ўзига ёқиб қолган исмни фарзандига қўйиб юборавермай, бу исмнинг маъноси нима ва шу исмни қўйиш мумкинми ёки йўқми, бу ҳақида илм эгаларидан сўраб, сўнг исм қўйиши лозим бўлади. Минг афсус, мусулмон халқимиздан айрим кишилар ўз фарзандларига мусулмон бўлмаган, ижтимоий ҳаёт тарзи бизга номаълум бўлган футбол юлдузлари каби спортчиларнинг исмини ёки баъзи ҳинд актрисаларининг исмини қўйишяпти. Бундай исм қўйиш фарзанднинг ҳақини поймол қилиш ҳисобланади.
Савол: Аллоҳ насиб этиб, ўғил фарзандли бўлсам Аъмалмуҳаммад деб исм қўйсам бўладими?
Жавоб: Сиз айтган исм тўғри маънони англатмайди. Шунинг учун бундай исмни қўйишдан сақланинг.
Савол: Турклардаги Элиф исмини қизимизга қўйсак бўладими? Туркияни ҳам мусулмон давлат, деб эшитгандим.
Жавоб: Туркчадаги "Элиф" сўзи араб алифбосининг бош ҳарфи "Алиф" деганидир. Бу бир ҳарфнинг номи холос. Бошқа бир маъноси йўқ. Сиз қизингизга бошқа бирор чиройли маънога эга исм қўйганингиз яхшироқ.
Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
Manba: azon. uz
|