Кино оламида «Оскар»ни орзу қилмаган машҳур бўлмаса керак. Энг узоқ тарихга эга тақдимот йиллар оша ўз нуфузини мустаҳкамлаб келмоқда. "Оскар” номинацияларида номзоди кўрсатилиши киноижодкорлар ҳаётида тарихий воқеа. Ғолиб бўлиш эса ҳақиқий бахтга айлангани рост. 2014- йилда қайси фильмлар ва ижодкорлар энг муносиб топилиши эса 2015-йилнинг 22 февралида "Оскар”нинг 87-маросимида маълум бўлади. Шоуга бошловчи сифатида Нил Патрик Харрис танланди. Яқинда номинантлар эълон қилинди. Унга кўра "Энг яхши фильм” номинацияси бўйича қуйидагилар "курашади”: "Америкалик снайпер”, "Бердмен”, "Гранд Будапешт меҳмонхонаси”, "Селма”, "Қамчи учи”, "Ҳаммасининг теорияси”, "Ўспиринлик”, "Тақлид қилишдаги ўйин”. "Оскар”нинг фахрий ғолиблари эса олдиндан аниқланди. Улар: француз актёри, сценарийнависи ва ёзувчиси Жан-Клод Карьер, япон аниматори Хаяо Миядзаки ва ирландиялик актриса Морин О`Хара. Жин Хершполт номидаги гуманитар мукофотини эса америкалик актёр, хонанда ва жамоат арбоби Харри Белафонте олади.
Шу ўринда "Оскар”нинг илк тақдимотини эсга олишни лозим топдик. 1929 йилнинг 16-майида Лос-Анжелеснинг "Рузвельт” меҳмонхонасида Америка киноакадемияси биринчи марта ғолибларни тақдирлади. Тақдимотдан икки йил олдин эса киноакадемия ташкил топганди. Биринчи тақдимот 270 кишилик банкет тарзида ўтказилиб, ўша даврнинг энг муносиблари қатори "Кинематография ривожига қўшган ҳиссаси учун” актёр, режиссёр ва "Цирк” фильми продюсери Чарли Чаплин тақдирланганди.
Кўрамиз, жорий йилда, 87-тақдирлаш маросимида "Оскар” кимларни ғолиб топади!?